Инсонга берилган неъматлар ичида саломатликнинг ўрни беқиёс. Бизнинг ҳар бир фаолиятимиз натижаси, умримиз мазмуни соғлигимизга боғлиқ. Саломатликни асраш, касалликларни даволаш ва профилактикаси азал-азалдан одамлар олдида турган асосий масалалардан бўлиб келган.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш, турли касалликларга шифо топиш мақсадида табиий маҳсулотлардан фойдаланиб келиниши, ўз навбатида, асрлар давомида халқ табобатининг ҳам шаклланишига, такомиллашувига хизмат қилган. Таъкидлаш жоиз, ҳозирги замонавий тиббиётнинг тараққий этишида ҳам халқ табобатининг алоҳида ўрни бор.
Сўнгги йилларда халқ табобати соҳасини тартибга солиш, халқ табобатида қўлланиладиган шифобахш гиёҳларни мамлакатимизда етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир неча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Асрлар давомида ота-боболаримизнинг бу соҳага оид билим ва тажрибаларини ўзида мужассам этган ва илмий-амалий мерос сифатида эътироф этилган халқ табобати бебаҳо маданий-маънавий бойлик сифатида халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бироқ амалга оширилаётган чора-тадбирларни етарли, деб бўлмайди, ҳали олдинда амалга оширилиши керак бўлган қатор вазифалар мавжуд.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиямизнинг Сайловолди дастурига киритилган “Халқ табобати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси бу борадаги муҳим қадамлардан дейиш мумкин.
Юртимизда халқ табобати ҳақида фикр билдирганда, машҳур аждодларимиз, хусусан, Абу Али ибн Синонинг хизматлари алоҳида тилга олинади. Буюк бобокалонимизнинг илмий меросидан бутун дунё тиббиёт тизими кенг фойдаланади.
Бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб давлатларида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда даволаш тобора оммалашмоқда.
Масалан, Ҳиндистон, Хитой ва Японияда халқ табобати ҳукумат томонидан тан олинган бўлиб, тиббий хизматлар тизимида қўлланилади.
Германия, Франция ва Швейцарияда гомеопатия, фитотерапия ва бошқа халқ табобати усуллари кенг қўлланмоқда.
Европа тиббиёт муассасаларида замонавий тиббиёт йўналиши билан бир қаторда халқ табобати йўналишида ҳам талабаларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу талабаларга ҳар икки йўналишда билим олиш имкониятини беради.
Партиямиз ташаббуси билан мазкур қонуннинг қабул қилиниши халқ табобати ва замонавий тиббиётни уйғунлаштириш, соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.