«Депутат аёллар клуби»дан сиёсатчи аёллар клубигача

«Депутат аёллар клуби»дан сиёсатчи аёллар клубигача

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг устувор вазифалари  ижросини таъминлашда партия қошидаги икки тузилма - «Аёллар қаноти» ҳамда  2020 йилда ташкил этилган  «Депутат аёллар клуби»нинг ўрни беқиёс. 
Ўтган давр мобайнида ушбу тузимлалар томонидан бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 10 га яқин ННТлари билан Меморандумлар имзоланди. Клуб аъзолари томонидан хотин-қизларга дахлдор бўлган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар берилди.

Ҳар бир депутат аёлга бир нафардан сиёсий фаол ёшлар «Устоз-шогирд» анъанаси асосида бириктирилиб, улар партия захирасига киритилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ўнлаб лойиҳалар йўлга қўйилди.

Жумладан, «Депутат аёллар клуби» аъзолари томонидан ўтган давр мобайнида 16 181 та «Сайёр қабул»лар ўтказилди.  Улар томонидан эса 164. 688 нафар аҳоли қамраб олинди.  Тадбирлар давомида хотин-қизларга оид 69 488  та мурожаат ижобий ҳал этилди.  

Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, бандлик масалалари бўйича 8911 та, банк кредити бўйича 3805 та, соғлиқни сақлаш бўйича 12 027та,  уй-жой масалалари бўйича 3557 та мурожаат бўлган ва уларнинг 54 057 таси ижобий ҳал этилди.

«Устоз-шогирд» анъанасини ривожлантириш, бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган «Хизмат-беминнат» лойиҳаси «Аёллар қаноти»нинг асосий лойиҳаларидан саналади. Ўтган давр мобайнида депутат аёллар билан ҳамкорликда жами 1807 та ўқув курси очилиб, 10 468 нафар бандлиги таъминланмаган хотин-қизлар турли касб-ҳунарларга бепул ўқитилди, 602 нафари эса ўз тадбиркорлигини бошлади.

«Депутат билан юзма-юз»лойиҳаси доирасида жами 51 492 та учрашув ўтказилиб, улар томонидан 2 838 та депутат сўрови чиқарилган бўлса, «Уйма-уй» лойиҳаси доирасида 99 326 та хонадон шароити ўрганилди. Шундан 16 024 та эҳтиёжманд оила ҳомийлар ёрдамида ижтимоий қўллаб-қувватланди. 6 027 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 1417 нафар аёлларга банк кредитлари олишда кўмак берилди. 1649 нафар хотин-қизларга соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалаларда ёрдам берилди. 3360 нафар хотин-қизларга уй-жой ва мол-мулк билан боғлиқ масалаларда ёрдам берилди.

Биргина Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Шаҳодатхон Ахунова ўз  фаолияти мобайнида 100 га яқин депутат сўрови чиқарган бўлса, улардан 80 таси ижобий ечим топди. 5000 дан зиёд аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаган депутат ташаббуси билан иккита маҳалла «Обод маҳалла»  давлат дастурига киритилди.

Партия қошидаги мазкур тузилмалар томонидан амалга оширилаётган бундай ишлар баробарида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни бошқарувда қарорлар қабул қилиш жарёнига кенг жалб этиш ҳам доимо диққат марказимизда бўлиб келмоқда.

Шу мақсадда партиянинг Марказий ҳамда ҳудудий Кенгашлари томонидан сиёсатга қизиқувчи хотин-қизлар учун 300 га яқин сиёсий ўқувлар, маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этилди. Партиянинг нашри – «Миллий тикланиш» газетасида эса фаол депутат аёлларнинг илғор тажрибалари  тизимли тарзда оммалаштирилмоқда. 

Аввал хабар қилганимиздек, хотин-қизларга даҳлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси назоратини амалга оширишга доир вазифалар «Депутат аёллар клуби» фаолиятини  жонлантиришни, таркиби, мақсад ва вазифаларини янада кенгайтиришни тақазо этаётган эди.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, клубга нафақат вакиллик органлардаги аёл депутатлар, балки партия фаоллари, фахрийлари, собиқ депутатлар, сиёсатга қизиқувчи барча хотин-қизларни бирлаштириш мақсадида партия Марказий кенгашининг 2025 йил 23 январдаги I Пленумида мазкур ташкилий тузилмага ўзгартириш киритилиб, «Депутат аёллар клуби» «Сиёсатчи аёллар клуби»га айлантирилди.

Тузилма мақоми ўзгартирилишининг ўзига хос учта сабаби бор: Биринчиси,  мамлакатимиз раҳбари ўз чиқишларида қонун ижодкорлиги жараёнига  жамоатчиликни кенг жалб этиш масаласини кўтардилар. Шундан келиб чиқиб, бу жараёнга нафақат депутатлар, балки профессионал сиёсатчиларни, сиёсатга қизиқувчи ёшларни кенгроқ жалб этиб, уларни «Устоз-шогирд» анъанаси асосида депутат аёлларга бириктириш орқали сиёсатчи аёлларнинг янги авлодини тарбиялаш.

Учинчиси, хотин-қизлар учун видео ўқувлар, семинар-тренинглар ташкил этиб, мазкур тузилмани том маънодаги сиёсатчи аёлларнинг маҳорат мактабига айлантиришдан иборат. 

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда фракциясининг «Аёлга эҳтиром» ҳафталиги доирасида «Сиёсатдаги аёллар: Ўзбекистон тажрибаси ва глобал тенденциялар» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг Марказий кенгаши раҳбарияти ҳамда ҳудудий Кенгашлари вакиллари, хотин-қизлар билан бевосита ишлайдиган қўмита ва ташкилотлар вакиллари,  маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар, ОАВ вакиллари иштирокида ўтган давра суҳбати доирасида «Сиёсатчи аёллар клуби» нинг очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Унда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитларни алоҳида эътироф этган ҳолда, йиғилганлар эътиборини бугуннинг энг оғриқли масалалари - тўй ва у билан боғлиқ  маросимларни ихчамлаштириш, эрта никоҳларни олдини олиш каби муҳим вазифаларга қаратди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда тегишли қўмита ва ташкилотларни ҳамда барча даражадаги депутатларни ўзаро   ҳамкорликка чорлади. 

Партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фируза Муҳаммаджонова ўз нутқида  «Депутат аёллар клуби» томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда ўз фаолиятини самарали олиб борган депутат аёлларга  алоҳида урғу берди. Шунингдек, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда,  мазкур клуб таркиби ҳамда унинг мақсад ва вазифаларини кенгайтириш зарурати хусусида батафсил маълумот берди.

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва   Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қўшма Қарори қабул қилингани, шунингдек, тўйларни ихчамлаштиришга, исрофгарчиликка йўл қўймасликка қаратилган кўплаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, ҳамон кун тартибидан тушмай келаётган бугуннинг долзарб мавзуси  (Партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурининг 5.1.3-банди) - тўй ва у билан боғлиқ маросимларни тартибга солиш масаласи давра суҳбатининг муҳокамалар марказида бўлди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида, чекка-чекка қишлоқлар,  маҳаллаларда аҳоли ўртасида мазкур мавзу доирасида муҳокамалар ташкил этиш, улардан ихчам, намунали тўй маросимларини ўтказишга оид таклифлар олишга келишиб олинди. 

Шунингдек,  «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти директори, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Эгамбердиева томонидан келтирилган эрта никоҳ ва эрта туғуруқларнинг салбий оқибатларига оид статистик маълумотлар, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Рихсиеванинг оила қурган, фарзанди бор талаба қизлар дуч келаётган қийинчиликлар ҳақидаги фикрлари атрофлича муҳокама қилинди, талаба қизларни ўқишни тамомламагунича турмушга узатмасликка оид таклифи кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, «Сиёсатчи аёллар клуби»нинг галдаги вазифалари белгилаб олинди. Мазкур клуб ўз фаолиятида партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган: тўй ва оилавий маросимларни тартибга солишга қаратилган Қонунни ташаббус қилиш, талаба оналарнинг фарзандлари учун олий таълим муассасалари ҳузурида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш, фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган «Оналик таътили» бериш тизимини жорий қилиш, эрта никоҳлар ҳамда вояга етмаган қизларни унаштириш билан боғлиқ салбий удумларнинг олдини олиш, қадриятларимизга зид бўлган оила тушунчаси, гендер ўлчовларига қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, Оталар кунини ижтимоий-сиёсий кун сифатида жорий этиш каби вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланди.

Айни пайтда партиянинг ҳудудий Кенгашлари «Аёллар қаноти» томонидан Халқ депутатлари ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари, партия фахрийлари, фаоллари иштирокида «Сиёсатчи аёллар клуби» очилишига бағишланган  тадбирлар бўлиб ўтмоқда.