Instagram бедарвоза эмас!

Instagram бедарвоза эмас!

Игна ўғирлагандан сигирини йўқотган ҳам гумонсирайди, деганларидек, бугунги шиддатли замонамизда ҳар кимдан ҳушёр бўлиш, ўз қадамини ўйлаб босиш талаб этиляпти. Айниқса, ижтимоий тармоқ деган бепоён ҳудудда...

8 ноябрь куни Самарқанд халқаро аэропортида «юз берган» узоқ муддатли фильтрация тадбири давомида бу фикрга яна бир амин бўлдим.

Каттақўрғон туманининг Баланд Чордара маҳалласида яшовчи Жавоҳир Файзуллаевнинг қўл телефони текширилганида, унинг инстаграм тармоғига соқол қўйишни тарғиб этувчи видео ва фото материаллар жойлаб боргани маълум бўлди.

Тўғри, орамизда ушбу бу ҳолатга жиноят сифатида қарамайдиганлар ҳам бор. Бироқ Жавоҳир 2021 йилдан буён инстаграмга диний мазмундаги матриалларни жойлаб келган. Яъни шу йўл билан ижтимоий тармоқ обуначиларини ҳар хил оқимларга эргашишга даъват қилган.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, йигирма беш ёшли навқирон йигит Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 1842-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга Каттақўрғон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди томонидан базавий хисоблаш миқдорининг ўн баробари миқдорида жарима тайинланди.

Эслайсизми, ота-оналаримиз болалигимизда «эҳтиёт бўл» ёки «хато қилма» деган маънода «шаҳар бедарвоза эмас» дейишарди. Бугун эса ушбу мақолни сал ўзгартириб, «Инстаграм бедарвоза эмас!» дейишга тўғри келяпти.

Чунки, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар ҳар биримиздан ўзимизга доимо ҳисоб беришимиз ва ҳатти-ҳаракатларимиз ортидан кимнингдир фарзанди ҳам боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлигини тушуниб етишимиз кераклигини кўрсатяпти.