Техникум битирувчиларига 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади

Техникум битирувчиларига 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади

Ҳозирда профессионал таълим тизими 3 турдаги жами 672 та муассаса: 333 та касб-ҳунар мактаби, 112 та коллеж ва 227 та техникумдан иборат бўлиб, ушбу муассасалар табақалашгани ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани натижасида уларнинг қувватларидан унумли фойдаланилмаётгани аниқланган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълумотларига кўра, профессионал таълимда яхлит бошқарув тизими мавжуд бўлмагани ва муассасалар 27 та вазирлик ва идора бўйсунувига берилгани сабабли уларнинг фаолияти самарали ташкил этилмаган.  Вазирликлар ўртасида мувофиқлаштириш бўлмагани учун 75 та касбга ўқитиш марказида ўқитилаётган 30 дан ортиқ касб яқин ҳудуддаги 275 та профессионал таълим муассасасида ҳам ўқитилмоқда.  

Эндиликда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистонда касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади.  

3 турдаги муассаса оптималлаштирилиб, уларнинг негизида барча даражалар ва йўналишлар бўйича кадр тайёрлайдиган ягона муассаса тури – техникумлар фаолияти йўлга қўйилади. Бунда 672 та профтаълим муассасаси негизида 600 та техникум ташкил этилади, 71 та таълим муассасаси мактабларга берилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади. Барча дастурларни битта муассаса негизида ўқитиш натижасида таълим даражаларининг узвийлиги, узлуксизлиги ва интеграцияси таъминланади ҳамда уларнинг смена коэффициенти нормаллашади.  

14 та техникумда тажриба тариқасида 12 та квалификация бўйича Пирсон компаниясининг БИТЕК дастури жорий қилинади.  

Техникумларда БИТЕК дастури жорий қилиниши қандай самара беради?  

Пирсон етакчи халқаро таълим ташкилоти бўлиб, дунё бўйлаб 784 та марказга эга ва унинг 90 фоиз битирувчиси иш билан таъминланади. Техникумларда ўқиш муддатлари ва давомийлиги касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланади. Мисол учун, “Экспедитор” касби бўйича 9-синф битирувчиси 3 йил ўқиса, 11-синф битирувчиси – 2 йил ўқийди.  

Ўз навбатида турли даражадаги касбий таълим дастурларининг ўзаро мувофиқлиги ва узвийлиги таъминланади, яъни ўзлаштирилган модуллардан келиб чиқиб таълим дастурларининг ўқитиш муддатлари белгиланади. Ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчилари ўзлаштирган модуллари, тўпланган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг муайян босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.  

Техникумларнинг мустақиллиги кенгайтирилади ва улар иш берувчилар талаби асосида фанлар сони ва соатларини 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшма дастурларни жорий қилиш имкониятига эга бўлади. Техникумлар буюртмачилар билан контракт асосида кадрларни тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш, ушбу дастурларнинг қабул параметрлари, таълим тили ва қийматини мустақил белгилайди. Шунингдек, техникумларга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш, тушган пуллар ҳисобидан ўзининг моддий ҳолатини яхшилаш, ўқувчилар ва педагогларни рағбатлантириш ҳуқуқи берилмоқда.  

Халқаро таълим дастурлари бўйича ўқитишни йўлга қўйиш бўйича қатор ишлар амалга оширилади. Хусусан, дастурлар сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида 14 та техникумда тажриба тариқасида 12 та квалификация бўйича Пирсон компаниясининг БИТЕК дастури жорий қилинади.  

Ҳар битта техникумда БИТЕК дастури бўйича алоҳида бўлим ташкил этилади. Бўлим ходимлари Пирсон компанияси билан ҳамкорликда дастур жорий қилинишини тўлиқ мувофиқлаштириб боради.  БИТЕК дастури жорий қилинган муассасаларга тўлиқ академик мустақиллик берилади. БИТЕК дастурларини амалиётга киритиш натижасида 180 нафар педагогнинг малакаси оширилади ва йилига 1 минг 680 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ва 200 дан ортиқ хорижий университетга кириш имкони яратилади. Натижада, ривожланган давлатлардаги малакали ва юқори даромадли иш ўринларига юборилган муҳожирларнинг кўлами ошади. БИТЕК дастурларини жорий қилиш натижасидан келиб чиқиб, ушбу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилади.  

Ўқитиш жараёнига иш берувчилар кенг жалб қилинади. Ҳозиргача қабул параметрлари ва таълим дастурлари иш берувчилар талаби асосида эмас, балки таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ва мавжуд асбоб-ускуналардан келиб чиқиб шакллантирилиб келинаётгани боис муайян ҳудудларда муайян ўрта бўғин кадрларга эҳтиёж бўлсада, ўша худудда жойлашган техникумда ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмаганини кузатиш мумкин.  

Бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида қабул параметрларини шакллантириш бўйича электрон платформа яратилади, барча вазирлик ва иш берувчилар унга уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари тармоқ кенгашлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.  Битирувчиларнинг якуний аттестацияси иш берувчилар ва уюшмалар вакиллари иштирокида амалий имтиҳон шаклида ўтказилади. Профтаълим муассасаларида ўқувчилар билимини якуний баҳолаш асосан муассасадаги ходимлардан ташкил топган комиссия томонидан ўтказилишига барҳам берилади.  

Профтаълим муассасаларини адабиётлар ва жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнини рақамлаштириш мақсадида алоҳида Жамғарма ташкил этилмоқда. Бунда Жамғармага Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасидан 50 миллиард сўм ва Давлат бюджетидан 2025 йилда 50 миллиард сўм ажратилади.  

Жорий этилаётган чоралар Ўзбекистонда касбий таълим тизимини такомиллаштириш, ишсизликни камайтириш ва кадрларнинг малакасини ошириш имконини беради.