Миллат таянчлари – ёшлар тарихий босқичга қадам қўйишмоқда

Миллат таянчлари – ёшлар тарихий босқичга қадам қўйишмоқда

Чиндан ҳам бугун Янги Ўзбекистон ёшларига мисли кўрилмаган даражада эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган мулоқоти ҳам айнан ана шу эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Учрашувда муҳим ташаббуслар муҳокама қилиниб, янги имкониятлар учун фундаментал қарорлар қабул қилинди.

Агар ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётганини, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етишини инобатга олсак, давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида ёшларга мустаҳкам иқтисодий, илмий ва ижтимоий замин яратиш масаласи бежиз тилга олинмагани аён бўлади.

Рақамларга эътибор қаратсак: кейинги йилларда ёш тадбиркорларимиз сони 3 баробар ошиб, жами бизнес вакилларининг қарийб 40 фоизини ташкил этибди.

Қувонарлиси шундаки, учрашувда ишсиз ёшлар сони 2 баробарга камайгани,  ОТМлар сони 3 баробарга ортиб, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 42 фоизга етганига алоҳида урғу берилди. 

Яна бир қиёсий рақам: ўтган 25 йилда Халқаро илмий марказларга йўлланган ёшлар атиги 800 нафар бўлса, кейинги 7 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқалигина хорижга юборилган йигит-қизлар сони 2 300 нафарга етибди. Илмий даражага эга ёш олимлар сони эса 4 минг нафардан ошибди. 

Шу ўринда чет тилларни ўрганаётган ёшлар сони 2 миллионга етгани, юқори “IELTS” натижаларига эга бўлган ёшлар сони эса 5 баробар кўпайганини айтиш жоиз. Булар бир қарашда сезилмайдиган, аммо мамлакатни тараққиётга олиб борадиган кўрсаткичлар, албатта.

Бу айни пайтда дунё бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бир вақтда Ўзбекистон ўз ёшларини илмий ва иқтисодий жиҳатдан етук авлод сифатида тарбиялашга катта эътибор қаратаётганини ҳам англатади.

Шу маънода ҳам миллатимиз етакчисининг ёшлар билан учрашуви нафақат ютуқлар таҳлили, балки янги ислоҳотларнинг бошланиш нуқтаси бўлди, дейиш мумкин.

Эндиги навбат ана шу шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, келажакка мустаҳкам қадам қўйиш, яъни буюк келажакни – Учинчи ренессансни қуришда фаол иштирок этишда қолди.