Ёшлар ҳақидаги ҳар бир фикр фаолиятимизга асос бўлади!

Ёшлар ҳақидаги ҳар бир фикр фаолиятимизга асос бўлади!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши кураш миллий кенгашидаги нутқларини қайта-қайта ўқиб, эшитиб, 2017 йилда бошланган ислоҳотларни, айниқса, таълим тизимидаги ўзгаришлар натижасини ўзимча таҳлил қилдим. 

Биламизки, коррупция давлатни ҳам, жамиятни ҳам бирдек емиради, айниқса, халқнинг, энг ёмони, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини сўндиради. 

Шу маънода Давлатимиз раҳбарининг қатъияти, айтиш жоизки, сиёсий иродаси билан таълим тизимининг коррупция иллатидан қутулиши Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг муҳим бўғини бўлди, дейиш мумкин.

Энг асосийси, бундай ўзгаришлар катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган фарзандларимизнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлади. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг шаффофлиги, очиқ ва холис назорат қилиниши эса коррупциянинг пайини қирқди, дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг Олий таълимда 35 турдаги ҳужжатларнинг инсон омилисиз олишга ўтилгани соҳадаги мурожаатларни 2,2 баробарга камайтирганлиги ҳақидаги фикрни 7-8 йил аввал ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

Бугунга келиб олий таълим муассасаларида ички аудит тизими ҳам йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилди. Коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус ишонч телефонлари ва электрон платформалар ташкил этилдики, бу талабаларга ноқонуний ҳолатлар ҳақида тезкор хабар бериш имконини яратди.

Фаолиятимизга сунъий интеллектнинг шиддат билан кириб келаётгани эса инсон омилини ҳам, коррупцион шароитни ҳам кескин камайтиради, албатта. 

2013-2014 ўқув йилларидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида ҳам коррупцияга қарши кураш бирламчи масалага айланганди. 

Жазоланмаган жиноят кейинги ўнлаб жиноятларнинг юзага келишига асос бўлади деганларидек, амалдаги қонун ва низомларга қатъий амал қилинаётгани бугунги натижаларимизга асос бўлди.

Миллий кенгаш йиғилишида фидойи кадрлар, уларни ўқитиш ва тарбиялаш, энг муҳими, жой-жойига қўйиш ҳақида миллионлаб ёшларимиз дилидаги гаплар ҳам айтилдики, бундан, энг аввало, биз таълим тизимидаги мутасаддилар тегишли хулосалар чиқаришимиз ҳамда ушбу масалада асосий мусъулиятни зиммамизга олишимиз керак.