Бир ёқадан бош чиқарган миллатгина баркамолликка эришади

Бир ёқадан бош чиқарган миллатгина баркамолликка эришади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган Наврўз тантаналаридаги нутқида бугунги глобаллашув даврида Наврўзнинг «бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси» ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаб, барчамиз учун доимий дастуруламал бўлиб хизмат қиладиган бир қатъий фикрни билдирдилар: «бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда!»

Дарҳақиқат, ҳар қандай миллат ва элат ўта оғир ва машаққатли дамларда ҳам бирлик ва аҳилликка таянса, суянса ва келажак авлод олдидаги масъулиятини ҳис этса, тараққиётга юз тутиб, ўзидан муносиб ном қолдиради.  

Миллатимиз етакчиси нутқида яна бир ҳақ гап айтилди: қудратимиз – Ватанга меҳр ва садоқатда, ютуғимиз – ўзимизга бўлган юксак ишончда!”. 

Юртбошимизнинг ушбу фикрларини қайта-қайта эшитиб, ўқиб, хаёлан узоқ тарихга қайтгандек бўлдим: Турон заминининг буюк фарзандлари – Заҳириддин Муҳаммад Бобуру, Жалолиддин Мангубердилар руҳини, кучини синдирган бирдамликнинг йўқлиги боис улар ёвдан мағлубият аламини тотгандилар. Яқин тарихдаги хонлар ва амирларнинг ўзаро ноаҳиллиги эса уларнинг Чор Россиясига тобеъ бўлишларига олиб келди.

Минг шукурки, кейинги йилларда Янги Ўзбекистон ислоҳотлари дея эътироф эътилаётган тизимли ўзгаришлар даврида халқимиз бирдамлик туйғусини кўпроқ қадрлай бошлади, миллий қадриятларимиз эъзозланиб, тарихий илдизларга асосланган қардошлик муносабатлари ҳам соат сайин мустаҳкамланяпти.

Энг асосийси, Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан минтақамизга яна биродарлик, оға-инилик ришталари қайтди. Қувонарлиси, туркий халқларнинг бугунги бирдамлигида ўзбек халқининг беқиёс роли яна жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этила бошланди.

Янги кун арафасида эса бундай ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Зотан, глобаллашаётган тезкор дунёни ахборот бошқараётган, ҳар дақиқада халқлар, миллатлар орасига нифоқ солишнинг минг бир “йўл”лари ўйлаб топилаётган бир даврда ўзаро аҳилликка, бирликка суянган халқларгина кейинги авлодга тинч ва осуда Ватан, тоза тарих қолдира оладилар.