Назарбек аҳли энди ўз муаммосини вилоят ҳокимига етказишга қарор қилибди!

Назарбек аҳли энди ўз муаммосини вилоят ҳокимига етказишга қарор қилибди!

Ёки Транспорт вазирлиги тепса тебранмас мутасаддиларининг Янгийўлликларга кўрсатаётган “ҳиммати” қачонгача давом этади?
 
....Яқинда “Миллий” телеканалнинг “Миллар” дастурида пойтахтимизнинг шундоқ биқинида жойлашган Назарбек қўрғони таркибига кирувчи “Ҳаракат” маҳалласи аҳолисининг автобус кутиб, узоқ йиллардан бери сарсон-саргардон бўлаётганлари ҳақидаги лавҳани кўриб, йўғе, бўлиши мумкин эмас, деган фикр ўтди хаёлимдан. 

Аммо ана шу маҳалла аҳлининг таҳририятга мурожаати билан танишиб, кўрганларим ҳолва экан деган қарорга келдим. Чунки ушбу ҳолат фақат “Ҳаракат”дагиларга эмас, Назарбекдаги 20 га яқин маҳалла аҳолиси учун ҳам бегона эмас, аксинча, “қадрдон” бўлиб қолибди. Шу ерда мазкур арзномадан қисқача кўчирма келтирсак:

“–Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек қўрғони 1930 йилларда ташкил топган бўлиб, ҳозирда бу ҳудудда 20 дан ортиқ МФЙ жойлашган. “Ҳаракат”, “Тарнов”, “Туркистон”, “Балиқчи”, “Иттифоқ”, “Гулчилик”, “Мевазор” каби маҳаллалар шулар жумласидандир. Биргина “Мевазор” маҳалласида 5791 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бошқа маҳаллаларда ҳам ўртача 4 минг нафардан кўпроқ аҳоли яшайди.

Гап шундаки, пойтахтнинг ёнгинасида яшасакда, бизда ҳалигача транспорт қатнови талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Одамлар саратонда иссиқдан бўғриқиб, қаҳратонда совуқдан жунжикиб ўткинчи автомашиналар ёки киракашларнинг йўлини интизор бўлиб кутишга мажбур. Ва, бу жараён қарийб 15 йилдан буён давом этмоқда. Биз бу ҳақда Республика Транспорт вазирлиги-ю, Зангиота тумани ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилсакда, улар қуюқ-суюқ ваъдаларни беришдан нарига ўтишмаяпти. Натижада айни кунларда осмондан чалпак ёғишини кутаётган ёш боладек бўлиб қолдик... ”

Куюнчаклик  билан ёзилган мактуб шу зайлда давом этаверади. Ўта камёб ва қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Чунки биз номини бот-бот тилга олаётган Назарбек қўрғони пойтахтдан атиги 7,5 км узоқликда жойлашган, холос. 

Ҳукуматимиз томонидан аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш борасида изчил ҳаракатлар амалга оширилаётган, энг чекка вилоятларнинг чекка ҳудудигача замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилаётган бир паллада зангиоталиклар автобус қатновини йўлга қўйиб беришларини сўраб республика миқёсидаги каттаконларнинг эшигини тақиллатиб юришса... 

Биз муаммоли масалани ўрганар эканмиз, ҳудудда яшовчи фаоллар билан мулоқотда бўлдик: 

–Қарийб эллик йилдан бери “Мевазор” маҳалласида яшайман. 4 нафар фарзандим, 3 нафар неварам бор, - дейди суҳбат чоғида шу ерлик Исроил Элиев. – Ҳудудимизда ижтимоий-маиший муаммолар шу қадар урчиб кетганки, қай бирини санашниям билмайсан киши. Очиғи, биз яшаётган ҳудуд билан тумандаги ҳеч бир раҳбар қизиқмайди. 20 та ички кўчамизнинг бари таъмирталаб. Маҳаллада болалар боғчаси йўқ, 800 ўринга мўлжалланган мактаб биносининг қачон таъмирланганини кексалар билишмаса, бугунги авлод буни эслай олмайди ҳам.

Телевидениеда энг чекка ҳудудларда ҳам барпо этилаётган файзли маҳалла гузарлари, нуронийлар маскани, бу гўшаларнинг тантанали очилиш маросимларини фақат ва фақат ҳавас билан томоша қиламиз. Чунки бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ. Туман ҳокими Эркин Рустамов ва бизнинг ҳудудга масъул бўлмиш – 3 сектор раҳбари – туман ИИБ бошлиғининг ҳудудга қачон келганини эслай олмаймиз ҳам. Чунки улар ҳудудга келишганида мавжуд муаммоларнинг ақалли ўндан бири бўлса ҳам барҳам топарди-да! 

Ҳа, дарвоқе, юқоридаги муаммоларни бартараф қилинишида амалий ёрдам сўраб, сектор раҳбари – туман ИИБ бошлиғи Шуҳрат Мелиевни “безовта қилсанг”, дарров пўписа қила бошлашади. Шу боис...”

Суҳбатдошимнинг сўзларидан маълум бўлишича, айни кунда 20 та маҳалла аҳолисига атиги 4 та “Газель” хизмат қиларкан. Улар ҳам хоҳлашса ишга чиқишади, хоҳлашмаса йўқ...

–Биз яқинда автобус ҳаракатини йўлга қўйиб беришларини сўраб, пойтахтимиздаги 18-автопарк раҳбариятига мурожаат қилдик. Масъуллар бунга бажонидил рози бўлишди ва амалий ҳаракатларни ҳам бошлаб юборишди. Бироқ Транспорт вазирлигининг Тошкент вилоят бошқармаси мутасаддилари бунга рухсат беришмади, - дейди биз билан суҳбатда “Мевазор” МФЙ раиси Ҳабиба Абубакирова. 

–Маълум бўлишича, аҳолимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган 450-йўналишни қайсидир корчалон тендерда ютиб олган экан. Хуллас, ўша валломат рухсат берсагина йўналишга автобус қўйиларкан, бўлмаса йўқ! Айтишга ҳам уяласан киши. Кўпчилигимиз ҳозирда пойи-пиёда 6-7 км йўл босиб, пойтахтга қатнаймиз. Болаларни боғчага олиб борамиз, бозор-ўчарни бўйинга илиб, яна пиёда ортга қайтамиз.

Ўтган ҳафта маҳалладошлар йиғилиб, нима бўлса, бўлди деб чекка қишлоқларга ҳам ўзи чиқиб, аҳоли дардини эшитаётган Тошкент вилояти ҳокими қабулига боришга қарор қилдик. Эшитяпмиз, кўряпмиз, вилоят ҳокими шахсан аралашмагунча, айрим туман ҳокимлари бунақа муаммоларни ҳатто эсламаяпти ҳам.”

Қўлимдаги хат-ҳужжатлару, мавжуд аҳвол ҳақидаги маълумотлар ва  суҳбатдошларимнинг арз-додларидан кейин бир неча қатъий саволлару, мулоҳазалар оғушида қолдим: бу ҳолат техника асри деб аталмиш XXI асрда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида, янаям аниқроғи Назарбек қўрғонида юз беряптими?! 

Наҳотки, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг жилла қурса эпкини туманга етиб келмаган бўлса....?! 

Наҳотки туман ҳокимлигида қарийб 80 минг аҳолининг арзини тинглайдиган бирон валломат топилмаса...?!