“Халқ банки”нинг қароқчилиги ёхуд аросатда қолган маданий мерос ҳақида

“Халқ банки”нинг қароқчилиги ёхуд аросатда қолган маданий мерос ҳақида

Собиқ иттифоқ даврида ҳам бунчалар аросат бўлмаган маданий мерос объекти ёхуд етти йилдан буён муаммоси ҳал этилмаётган “Ҳонақоҳ” 

Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари яна ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиш баробарида аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити ҳамда ижтимоий-иқтисодий объектлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодирбек Тилаволдиев ҳам Марғилон шаҳрида бўлиб, “Ёвқочар” маҳалласи фуқароси Бурхонжон ота Мўминовнинг арзи билан танишди.

Мурожаатчининг фикрича, Марғилон шаҳар, Б.Марғиноний кўчаси, 172-уйда жойлашган “Хонақоҳ” мадрасасининг муҳофаза ҳудудига “Халқ банки” Марғилон шаҳар филиали томонидан ноқонуний қурилиш амалга оширилгани етмагандек, маданий мерос объектига кириш йўлаги ва унга ёндош ҳудудни очиқ аукцион орқали савдога қўйиб сотиб юборган.

Қизиқ, наҳот шундай йўл тутса бўлади?

Ахир маданий мерос объектлари тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ва давлат муҳофазасида эмасми?

– Мазкур муаммо 2017 йилдан буён ҳал бўлмаяпти, “бор отангга, бор онагга” қабилида иш кўраётган масъуллар ўртасида сарсон бўлиб, “чиқмаган жондан умид” дея қайта ва қайта суд, прокуратура, ҳокимлик, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бошқармаси ва яна бир қатор масъул ташкилотларга мурожаат қилишдан чарчадим. Аммо адолат бор экани ва қачондир у қарор топишига ишончим менга қўшимча куч бериб турди, – дейди Бурхонжон ота.

Қонунчилик палатаси депутати Нодирбек Тилаволдиев шу куннинг ўзида масалани жойига бориб ўрганди ва партия вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий ҳокимлик вакилари, шаҳар Кенгаши депутатлари, маданий мерос бошқармаси ходимлари ҳамда юқорида тилга олинган тадбиркор субъектини жалб этган ҳолда масалага ойдинлик киритди.

Унга кўра, партия вилоят Кенгаши раиси Илҳомжон Носиров бошчилигида маданий мерос бошқармаси ва масъул ташкилот вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилди ва мазкур муаммо негизида нима ётгани, бундан кимлар манфаатдор эканлиги аниқлаш ҳамда ижобий ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.

Тўғри, тадбиркор ушбу ерни аукцион савдосида қонуний равишда сотиб олган ва у ҳам ўзича ҳақ!

Қолаверса, халқимизда “сиҳ ҳам, кабоб ҳам куймасин”, деган нақл бор. Аммо, лекин, бироқ... гап маданий мерос объекти ҳақида кетяпти.