Анзират буви маҳалла кезади...

Анзират буви маҳалла кезади...

Сурхон кўп миллатли воҳа. Шунинг учун ҳам ушбу ҳудудда динга, тилга ва урф-одатларга эъзоз билан қаралади. 
Келинг, гапни кўп чўзмай, Сизга замонамиз Анзират бувиси ҳақида гапириб берай: Ўзбекистонни ўз Ватани, киндик қони тўкилган табаррук маскан деб билгувчи корейс миллатига мансуб Мун Алла Егоровнани таниганлар у кишини Амина ҳожи деб чақиришади. 

Ая билан суҳбатлашиш учун бир неча маротаба йўқлаб бордик.  Бир сафар ажрим ёқасига келиб қолган оилани яраштириш учун қўшни туманга кетган бўлсалар, кейинги сафар яна бир ёш оиланинг “қулоғини чўзгани” қўшни маҳаллага чиқиб кетган бўладилар.  

Охири топдик. 

Ҳа-я, айтишни унутибман. Амина ҳожи она Термиз шаҳар “Шодлик” маҳалласида яшайди. Ҳудуднинг ободонлигию, қўни-қўшнилар аҳиллигигача уларнинг назоратида. Айниқса, гулларни жуда яхши кўрадилар, кўча-кўйда бўш жой кўрдиларми, дарров гул уруғию, кўчатини қадайди, ёки ўша ҳудуд кайвонисига тавсиялар беради. 

Амина ҳожи ҳудудда жойлашган 3-умумтаълим мактабининг ҳам жонкуяр фаолларидан. Энг қизиғи, у эрталабдан мактаб дарвозаси олдида ўқувчиларни ширинсуханлик билан кутиб олади. Йўлдан ўта олмай турган бошланғич синф ўқувчиларини қўлларидан тутиб, йўлдан ўтказиб қўяди, ҳатто ая уларнинг оёқ кийимлари боғичларию, қизчаларнинг сочларини тўғирлаб қўядилар...

- Ая ҳақиқатдан ҳам жонкуяр инсон – дейди ҳамроҳимиз Гулнора Холмаматова. – Мана, неча йилдирки, у киши мактаб билан доимий алоқадалар. Ўтказиладиган барча тадбирларимизга ҳам бош-қошлар. Айниқса, юқори синф қизларидан қимматли маслаҳатларини аямайдилар. 

Бундан ташқари, Амина ҳожи она –  тирик энциклопедия. Кимга қандай маълумот керак бўлса, барчасини халқ мақоллари билан чиройли қилиб тушунтириб берадилар. Баъзилар у кишини орқаваротдан маҳалланинг виждони деб аташади. Шундан келиб чиқибми, уни машҳур “Суюнчи” филмидаги Анзират бувига қиёслашади. Сабаби ҳожи она бош бўлган ҳар қандай иш ижобий ечим топади. Яраштирув борасидаку, у кишининг олдига тушадигани йўқ. 

- Яқинда қўшни туманлик бир аёл онахонни излаб келибди – дейди “Шодлик” маҳалласи раиси Нигора Мирзоқулова. – Сабабини сўрасам, аяга раҳмат айтиш учун келганмиш. Аввал бошида келини ишга нўноқроқ экан. Аянинг маслаҳатлари туфайли икки  тараф келишиб олишибди. Хуллас кўп ўтмай, келинчак оиланинг “Сотти”сига айланибди. 

Амина ҳожи онанинг зиммасида яна бир вазифа бор: у киши вилоятда ташкил этилган “Бувижонлар мактаби”да раис ёрдамчиси бўлиш билан бирга, Ангор туманига бириктирилган вакил ҳамда энг моҳир суратчилар. У киши олган расмларни кўрсангиз, “мана сенга замоннинг бувижонлари” деворасан. Ҳожи она икки қизи ва беш набирасини ҳам ҳақиқий ўзбекона руҳда тарбиялаганлар. 

Айтишларича, Амина ҳожи она 1995 йилда ислом динини қабул қилиб, 2016 йилда ҳатто Умра зиёратига ҳам борганлар. Эндиги навбат катта ҳаж амалларига экан... 

Мун Алла Егоровна - Амина ҳожи онанинг юқорида тилга олинган меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, 2021 йилда “Меҳнат фахрийси”, бу йил эса “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган. 

Қаҳрамонимиз ҳозир Кореяда даволаняптилар. Шу боис мактаб, маҳалла аҳли у кишини жуда соғинишган.

Айниқса, ўзбек, рус ва корейс тилидаги аллаларни маҳалланинг ҳар бир боласи қўмсайди. Яқинда у кишидан хат олдим: меҳрга тўла сўзлар билан ҳаммамизни эслабдилар. Мактублари охирида эса: “Ўзбекистон -  менинг вужудим, Ўзбекистонимни Оллоҳ паноҳида асрасин, деб ёзибдилар.